Ўзбекистонда ортиб қолган 1-синф ўқув қуроллари боғчаларга берилади
Яроқлилик муддати тугайдиган ортиқча ўқув қуроллари давлат боғчаларининг мактабга тайёрлов гуруҳларига ажратилади.

Ўзбекистонда 1-синф ўқувчилари учун ажратилган ўқув қуролларининг ортиб қолган қисми кейинги ўқув йилида ҳам фойдаланилади. Бу ҳукуматнинг 24 августдаги қарори билан белгиланди.
Унга кўра, жорий ўқув йилида мактабларга қабул қилинган 1-синф ўқувчилари сонига мос равишда тарқатилган ўқув қуроллари тўпламидан ортиб қолган қисми кейинги ўқув йили учун давлат харидларини амалга оширишда ҳисобга олинади.
Шунингдек, кейинги ўқув йилига қадар яроқлилик муддати тугайдиган ўқув қуроллари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотларининг мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳларига бепул ажратилади.
Маълумот учун, жорий йилда 795 мингдан ортиқ биринчи синф ўқувчисига “Президент совғаси” топширилади. Тўплам 12 турдаги ўқув қуролларидан, жумладан, мактаб сумкаси, дафтарлар, ручка ва қаламлар, рангли қоғоз, пластилин, расм дафтари, акварел бўёқлари, елим ва қаламдондан иборат.








