Олмаота – Тошкент халқаро поездида “Аёллар учун вагон” йўлга қўйилади
Вагонларга фақат аёллар ва 7 ёшгача бўлган ўғил болалар ҳамроҳи билан чиқиши мумкин.

2026 йил 1 октябрдан Олмаота – Тошкент йўналишида қатновчи халқаро поездда “Аёллар учун вагон” хизмати йўлга қўйилади. Мазкур хизмат Қозоғистон темир йўллари тизимида халқаро йўналишда илк бор жорий этилмоқда.
Қозоғистоннинг “Йўловчилар ташиш” компанияси маълумотига кўра, янги вагон 1/2-рақамли Олмаота-2 – Тошкент халқаро поезди таркибида фаолият юритади.
Ушбу вагонда чипталар фақат аёлларга сотилади. 7 ёшгача бўлган ўғил болаларга эса вояга етган аёл ҳамроҳлигида сафар қилишга рухсат берилади. Вагонга фақат аёл темир йўл ходимлари хизмат кўрсатади.
Ҳозирда Олмаота – Тошкент поезди ҳар куни қатнайди. Олмаотастанциясидан поезд соат 19:05 да жўнаб, Тошкентга 12:53 да етиб келади. Тошкентдан жўнаш вақти 14:41, Олмаотага етиб келиш вақти эса 08:51.
Компания маълумотига кўра, “Аёллар учун вагон” хизмати ички йўналишларда ҳам талаб юқори бўлган хизматлардан бири ҳисобланади. "Аёллар учун вагон" хизмати ишга туширилганидан буён, 946 мингдан ортиқ йўловчи бу хизматдан фойдаланган.
Олмаота – Тошкент йўналишида янги вагон ишга туширилгач, мазкур хизмат мавжуд бўлган йўналишлар сони 14 тага етади.
“Аёллар учун вагон”га чипталарни темир йўл кассаларидан ёки расмий онлайн тизим орқали харид қилиш мумкин. Чипта расмийлаштирилаётганда «ЖН» белгиси айнан аёллар вагонига тегишли ўринни билдиради.
Чипталар савдоси поезд жўнашидан 45 кун олдин бошланади.








