Непалда сув тошқинлари қурбонлари сони 157 кишига етди
41 киши жароҳатланган, 3,3 мингдан ортиқ қутқарувчи ҳудудда иш олиб бормоқда.

Непал шимолида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 157 нафарга етди. Бу ҳақда Ratopati нашри маҳаллий полиция маълумотларига таяниб хабар берди.
Энг кўп қурбон Читван туманида қайд этилган бўлиб, у ерда 64 кишининг жасади топилган. Шунингдек, Дҳадингда 27, Шарқий Навалпараси ҳудудида 22, Горкхада 19, Нувакотда 13, Танахунда 9 ва Расува туманида 3 киши ҳалок бўлган.
Ҳозирда 41 нафар жароҳатланган киши тиббиёт муассасаларида даволанмоқда.
Қидирув-қутқарув ишларига 3,3 мингдан ортиқ ходим, жумладан, Непал армияси ва бошқа тегишли идоралар вакиллари жалб этилган. Операцияда 15 та вертолёт ҳам иштирок этмоқда.
Қутқарув ишлари ноқулай об-ҳаво шароити сабаб қийинлашмоқда. Расмийлар табиий офат ҳудудида қолиб кетган фуқароларга қутқарувчилар уларни ҳаводан аниқлаши учун олов ёқишни тавсия қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, сув тошқинлари қор ва тош кўчкилари ортидан юзага келган. Шунингдек, Непал ташқи ишлар вазири Шишир Ханал табиий офатга зилзила сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирган. Тахминларга кўра, зилзила оқибатида юзага келган йирик кўчки Бҳоте Коши дарёсини тўсиб, сув сатҳининг кескин кўтарилишига олиб келган.
Сув тошқинлари оқибатида мингга яқин одам, жумладан, қарийб 400 нафар хорижий сайёҳ бедарак йўқолган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар бор.
Шунингдек, Россиянинг Катмандудаги элчихонаси сув тошқини ҳудудида бўлган россиялик фуқаролар ҳақида ҳам маълумот берган. Бир гуруҳ фуқаролар билан алоқа узилган бўлса, Расува туманида бўлган яна саккиз нафар россиялик хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.






