Россияда қийин вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси уйига қайтарилди
У яшаш жойисиз қолиб, кўчаларда тунашга мажбур бўлган.

Ўзбекистоннинг Россиядаги Бош консуллиги қийин вазиятда қолган ватандошга зарур ёрдам кўрсатиб, унинг Ўзбекистонга хавфсиз қайтишини таъминлади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон фуқароси, Навоий вилоятида туғилган О. В. бир неча кун давомида яшаш жойисиз қолиб, зарур шароитлар йўқлиги сабабли тунларни кўчада ўтказишга мажбур бўлган.
Ҳолат юзасидан Бош консулликка мурожаат келиб тушган. Консуллик ходимлари мурожаатни тезкорлик билан кўриб чиқиб, фуқаро билан суҳбат ўтказган, унинг шахси ва вазият тафсилотларини аниқлаган.
Шундан сўнг дипломатлар О. В. нинг яқинлари билан боғланиб, унинг доимий яшаш жойига хавфсиз қайтишини таъминлаш учун зарур чораларни кўрган.
Бош консуллик кўмагида ватандошимиз Екатеринбургдан Тошкентга самолёт орқали эсон-омон етиб келган.








