Аждодларимиз жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи — Шавкат Мирзиёев
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлиб ўтди.

28 август куни Тошкент шаҳридаги Шаҳидлар хотираси хиёбонида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ҳамда зиёлилар иштирокида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Маросимда Ватан фидойилари руҳига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди ҳамда элга ош тортилди. Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари хотираси ёдга олинди.
Шу ерда давлат раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига бағишланган мулоқоти бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқининг 35 йилдан буён мустақил ва эркин яшаётганини таъкидлаб, истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган аждодлар хотирасини эъзозлаш муқаддас бурч эканини қайд этди.
Давлат раҳбари фидойи аждодларнинг жасорати ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг қаҳрамонлиги халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
Сўнгги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди ва замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган қатағон қурбонлари музейларининг фондлари ҳам ноёб ҳужжат ва фотосуратлар билан тўлдирилмоқда.
2021–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда эса собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Мулоқот давомида ўтган асрнинг 80 йилларида минглаб юртдошларимиз “пахта иши” ва “ўзбек иши” каби сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани ҳам қайд этилди. 1983–1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилинган, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, жадид боболаримизнинг илмий ва маърифий меросини ўрганиш, уларнинг номларини тиклаш ва фаолиятини кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилаётгани таъкидланди.
Давлат раҳбари бугунги кунда дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучаяётгани тинчликни қадрлаш ва жамиятда ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашни талаб этишини қайд этди.
Президент Ўзбекистоннинг йўли тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли эканини таъкидлаб, мамлакат бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини билдирди.
Мулоқотда ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги авлод учун яратилаётган таълим ва маърифат имкониятлари аждодларимизнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришнинг муҳим омили экани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев миллий ғурур ёшларни билимли, ватанпарвар ва қатъиятли инсонлар этиб тарбиялашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Тадбир якунида уламолар қатағон қурбонлари ҳамда Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимизда тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ва осойишталик бардавом бўлишини тиладилар.








