Байрам кунлари қўшимча автобус, электропоезд ва авиарейслар ташкил этилади
Хусусан, электропоездларнинг қўшимча қатновлари байрамдан икки кун олдин ишга туширилиб, байрамдан кейинги икки кун давомида ҳам сақлаб қолинади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам кунларида аҳолининг мамлакат бўйлаб саёҳат қилиши учун қўшимча транспорт имкониятлари яратилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси маълум қилди.
Байрам кунларида ички туризмни рағбатлантириш, аҳолининг туристик ҳудудларга бориб-келиши учун қулай шароит яратиш мақсадида темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспорти йўналишларида қўшимча қатновлар ташкил этилади.
Темир йўл транспортида «Тошкент–Хива–Тошкент», «Тошкент–Қўнғирот–Тошкент», «Тошкент–Шовот–Тошкент», «Тошкент–Термиз–Тошкент» ҳамда «Тошкент–Сариосиё–Тошкент» йўналишларидаги поездларга 4 тагача қўшимча вагон уланади.
Шунингдек, «Тошкент–Самарқанд–Тошкент», «Тошкент–Бухоро–Тошкент» ва «Тошкент–Урганч–Тошкент» йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларнинг қўшимча қатновлари йўлга қўйилади. Улар байрамдан икки кун олдин ишга туширилиб, байрамдан кейинги икки кун давомида ҳам қатновлар сақлаб қолинади.
Автомобиль транспортида эса вилоятлараро барча йўналишларда қўшимча автобус қатновлари ташкил этилади. Жумладан, Тошкент–Жанубий темир йўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилади. Байрамдан камида 3 кун олдин «Тошкент–Самарқанд–Бухоро–Урганч–Нукус» йўналишларидаги автобуслар ушбу ҳудудга жойлаштирилади.
Ҳаво транспортида ҳам туристик йўналишларга қўшимча авиарейслар амалга оширилади. Байрамдан камида икки кун олдин «Тошкент–Урганч», «Тошкент–Нукус», «Тошкент–Бухоро» ва «Тошкент–Термиз» йўналишларида қўшимча рейслар йўлга қўйилади.
Мазкур чоралар байрам кунларида аҳолининг Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириш, ички туризмни ривожлантириш ҳамда тарихий, маданий ва табиий туристик масканларга ташрифлар учун қулай шароит яратишга қаратилган.








