“Бир дона ҳам электрон доска сотиб олинмаган” — парламентда мактабларни жиҳозлаш жараёни танқид қилинди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги харидлар тендер асосида амалга оширилишини ва жиҳозлар октябрь охиригача етказилишини билдирди.

Ўзбекистонда 2026 йил якунига қадар умумтаълим мактабларида янги компьютер синфларини ташкил этиш ҳамда электрон доскалар харид қилиш режалаштирилган. Мазкур мақсадлар учун давлат бюджетидан жами 350 млрд сўм маблағ ажратилган.
25 август куни парламент йиғилишида ушбу ишларнинг бажарилиш жараёни муҳокама қилинди. Депутат Зуҳриддин Мавлонов мактаблар учун харид қилиниши белгиланган жиҳозлар бўйича ишлар кечикаётганини танқид қилди.
Маълум қилинишича, дастлаб 1 мингта компьютер синфи ташкил этилиши режалаштирилган бўлса, дастлабки экспертиза хулосалари асосида бу кўрсаткич 1 350 та компьютер синфи этиб белгиланган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримованинг билдиришича, айни пайтда тегишли давлат харидлари жараёни давом этмоқда.
Шунингдек, 6 300 та электрон доска харид қилиш бўйича тендер 12 июль куни эълон қилинган. Ғолиб аниқланмагани сабабли тендер 10 август куни қайта эълон қилинган. Ғолибни аниқлаш жараёни 26 августга белгиланган.
Вазирнинг таъкидлашича, барча харидлар амалга оширилгач, белгиланган жиҳозлар октябрь ойи якунига қадар мактабларга тўлиқ етказиб берилади.
Депутат эса маблағ, масъуллар ва бажариш муддати олдиндан белгиланганига қарамай, ҳозиргача амалий харидлар амалга оширилмаганига эътибор қаратди.








