Ўзбекистон мустақил саёҳатлар учун дунёнинг энг яхши бешлигига кирди
Рейтингда мамлакатнинг тарихий мероси, табиати ва туризм имкониятлари юқори баҳоланган.

Нуфузли халқаро сайёҳлик платформаси “Much Better Adventures” томонидан эълон қилинган “Solo Travel Index 2026” рейтингида Ўзбекистон мустақил саёҳатлар учун дунёнинг энг яхши йўналишлари бешлигидан жой олди.
Рейтингни тузишда саёҳатчиларнинг таассуротлари, Global Peace Index, виза олиш қулайлиги, овқатланиш харажатлари, йўналишларнинг хилма-хиллиги ҳамда пиёда саёҳат қилиш имкониятлари каби бир қатор мезонлар ҳисобга олинган.
Платформа Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли мероси, бой тарихий-маданий салоҳияти, табиий ландшафтлари ва ривожланган туризм инфратузилмасини мамлакатнинг асосий устунликлари сифатида қайд этган.
Хусусан, сайёҳларга Нурота тоғларидаги қадимий сўқмоқлар бўйлаб саёҳат қилиш, маҳаллий қишлоқлар ҳаёти билан танишиш, анъанавий ўтовларда тунаш ҳамда Қизилқум орқали Ойдаркўлга бориш каби имкониятлар тавсия этилган.
Шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа тарихий шаҳарлар Буюк Ипак йўли чорраҳасида шаклланган ноёб тарихий ва маданий меросни намоён этувчи муҳим сайёҳлик масканлари сифатида эътироф этилган.
Мазкур халқаро рейтинг Ўзбекистоннинг жаҳон туризм харитасидаги мавқеи тобора мустаҳкамланаётганини, мамлакат тарихий мерос, табиат ва замонавий туризм имкониятларини уйғунлаштирган истиқболли йўналишлардан бири сифатида эътироф этилаётганини кўрсатади.








