Хитойда собиқ Хубей раҳбари порахўрликда айбланиб ўлимга ҳукм қилинди
У қарийб 111 млн доллар миқдорида пора олганликда айбдор деб топилган.

Хитой суди собиқ Хубей провинцияси Коммунистик партияси раҳбари Жианг Чаолиангни коррупция иши бўйича икки йиллик кечиктириш билан ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Хитой давлат телевидениеси ССТV'га таяниб Reuters хабар бермоқда.
Суд Жианг Чаолиангни жами 746 млн юандан ортиқ, тахминан 111 млн доллар миқдорида пора олганликда айбдор деб топган.
Жианг Чаолианг Хубей провинциясидаги Коммунистик партия қўмитасига раҳбарлик қилган. Шунингдек, у Хитойнинг йирик давлат молия институтларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. У Қишлоқ хўжалиги банки раиси, Хитой тараққиёт банки президенти ва Bank of Communications раиси лавозимларини эгаллаган.
Жианг Чаолианг 2020 йилда COVID-19 пандемияси бошланган пайтда Хубейдаги энг юқори мартабали амалдор сифатида кенг эътибор қозонган. У коронавируснинг дастлабки тарқалиши даврида вазиятни бошқариши танқид қилинганидан сўнг партиянинг Хубейдаги раҳбари лавозимидан четлатилган.
Маълумот учун, Хитойда икки йиллик кечиктириш билан ўлим жазоси одатда маҳкум белгиланган муддат давомида жиддий қонунбузарлик содир этмаса, жазо умрбод қамоқ жазосига алмаштирилишини англатади.








