“Қозоғистон ядровий қуролга қарши сиёсатини давом эттиради” — Тоқаев
Қозоғистон президенти ядровий кучларни музокараларга чақириб, ядровий синовларни тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши зарурлигини таъкидлади.

Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат ядровий қуролга қарши глобал ҳаракатдаги етакчи мавқеини сақлаб қолишини ва ядровий кучлар ўртасида музокараларни давом эттириш тарафдори эканини билдирди.
Бу ҳақда давлат раҳбарининг Халқаро ядровий синовларга қарши кураш куни муносабати билан Қозоғистон халқига йўллаган мурожаатида маълум қилинди.
Тоқаев Қозоғистон ядровий давлатларни музокараларга чақириш, Ядровий синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг тезроқ кучга киришини таъминлаш ҳамда ядровий қурол таҳдидини камайтириш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Президентнинг қайд этишича, ядро энергияси фақат тинч ва конструктив мақсадларга хизмат қилиши лозим. У Қозоғистонда ўтказилган миллий референдумда халқ ядро энергетикасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаганини таъкидлаган.
Тоқаев, шунингдек, Қозоғистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро ядровий синовларга қарши кураш куни таъсис этилганини эслатиб ўтган.
Бундан 35 йил аввал, 1991 йил 29 августда Семипалатинск ядровий полигони ёпилган. Қозоғистон раҳбарининг таъкидлашича, ушбу сана ядровий синовларнинг инсоният учун фожиали оқибатларини эслатиб, уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик зарурлигини кўрсатади.
Тоқаев Қозоғистоннинг собиқ Совет Иттифоқидан мерос бўлиб қолган йирик ядровий арсеналдан ихтиёрий равишда воз кечганини мамлакатнинг тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш йўлидаги тарихий танлови сифатида баҳолаган.








