Қозоғистонда ўзбекистонлик эркак иш жойида пичоқлаб ўлдирилди
У мижоз билан юзага келган можаро ортидан 56 ёшли эркак томонидан пичоқланган.

Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Актас қишлоғида Ўзбекистон фуқароси иш жойида пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда КТК хабар берди.
Маълум қилинишича, 35 ёшли эркак тандир нони сотиладиган дўконда ишлаган. У мижоз билан юзага келган можаро ортидан 56 ёшли эркак томонидан пичоқланган. Гумондор жабрланувчининг кўкрак қисмига икки марта пичоқ урган.
Воқеа жойида тез тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, эркак олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, марҳум сўнгги беш йил давомида ушбу дўконда ишлаган ва яхши обрўга эга бўлган. У жума кунлари аҳолига бепул нон тарқатгани ҳам айтилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон полицияси томонидан қотиллик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. 56 ёшли гумондор қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. У айбини тан олган.








