Сурхондарёда таътилдаги ходимни мажбуран ишга чиқарган раҳбар жазоланди
Узун туманидаги давлат муассасасида ходим қонуний таътилда бўлишига қарамай, розилигисиз ишга жалб этилгани аниқланди.

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасида меҳнат қонунчилиги бузилгани, хусусан, таътилда бўлган ходим мажбурий равишда ишга жалб этилгани ва унга нисбатан таҳдидли муносабат билдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида ходим қонуний таътил даврида унинг розилигисиз меҳнатга жалб этилгани, натижада мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани аниқланган.
Аниқланган қонунбузилиш юзасидан муассаса раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилган.
Давлат меҳнат инспекцияси мажбурий меҳнатга йўл қўйиш қонунбузилиш эканини эслатиб, иш берувчиларни ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига қатъий риоя қилишга чақирди.








