Камбағалликни қисқартиришда масъул раҳбарларнинг фаолияти танқид қилинди
Президент камбағалликни қисқартиришда ажратилган кредитлардан самарали фойдаланиш ва қуйи тизим ишига аниқ кўрсатмалар бериш зарурлигини таъкидлади.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳудудларда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича кутилган натижаларга эришилмаётганининг асосий сабаблари таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, “маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалардаги ходимларга қабул қилинган қарорларни ижро этиш бўйича аниқ кўрсатмалар бермаяпти.
Шунингдек, айрим раҳбарлар яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятига холис баҳо беришда камчиликларга йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди.
Туман ва маҳаллаларда камбағаллик ҳамда ишсизликни қисқартиришга масъул ходимларда ҳадик мавжудлиги, масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлик етарли эмаслиги танқид қилинди.
Йиғилишда камбағалликни қисқартириш бўйича 50 йиллик тажрибага эга Хитойда ҳам замон талабидан келиб чиқиб, қуйи тизимга доимий равишда аниқ кўрсатмалар бериб борилиши қайд этилди.
Давлат раҳбари ўтган уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 триллион сўм ресурс ажратилганини таъкидлади.
“Лекин кредитларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири барча туманда бирдек сезилмаяпти”, — деди Шавкат Мирзиёев.








