Ж.Д. Венс АҚШ ва Эрон ўртасидаги можарони «уруш» деб ҳисобламаслигини айтди
АҚШ вице-президентининг айтишича, ҳозир АҚШ ва Эрон ўртасида фаол отишмалар олиб борилмаяпти.

АҚШ вице-президенти Ж.Д. Венс Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги ҳозирги ҳарбий қарама-қаршиликни «уруш» деб аташдан бош тортди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
“Мен буни уруш деб атамаган бўлардим. Ҳозирда фаол отишма йўқ. Баъзи жойларда вазият кескинлашганини тан оламан”, — деган Венс.
Унинг таъкидлашича, АҚШ ва Эрон ўртасида ҳозирча музокаралар олиб борилмаяпти. Венснинг сўзларига кўра, Теҳрон Ҳурмуз бўғозида тижорат кемаларига ҳужум қилишни давом эттирар экан, мулоқотни қайта бошлаш имконияти мавжуд эмас.
Вице-президент АҚШ Эрон билан можарони ноябрь ойидаги оралиқ сайловларгача якунлайдими ёки йўқми, деган саволга ҳам аниқ муддат бермаган. Унинг айтишича, Вашингтон сунъий муддат белгилаш ниятида эмас.
Венс АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларидан кўзланган мақсадлардан бири Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш эканини билдирган. Шунингдек, у тижорат кемаларини ҳимоя қилиш орқали глобал энергетика инқирозининг олдини олишга ҳаракат қилинаётганини таъкидлаган.
Вице-президент АҚШда бензин нархлари қачон можародан олдинги даражага қайтишини ҳам прогноз қилишдан бош тортган. У бу борада ҳеч қандай ваъда бера олмаслигини маълум қилган.








