Навоийда истеъмолга яроқсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди
Ижро ҳаракатлари Навоий шаҳридаги марказий чиқиндихона ҳудудида ўтказилган.

Мажбурий ижро бюроси Навоий шаҳар бўлими томонидан суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш доирасида истеъмолга яроқсиз деб топилган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини белгиланган тартибда йўқ қилиш ишлари амалга оширилди.
Мазкур тадбир Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси ходимлари, тегишли идоралар ва холислар иштирокида Навоий шаҳридаги марказий чиқиндихона ҳудудида ўтказилди.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ижро ҳужжатига асосан, далилий ашё сифатида олинган ҳамда истеъмолга яроқсиз деб топилган 38 турдаги жами 4 610 дона алкоголь маҳсулоти ва 14 турдаги 1 235 қути тамаки маҳсулоти белгиланган тартибда йўқ қилинди.







