Қорақалпоғистонда ишсиз алимент тўловчилар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
Унда 6 киши доимий ишга жойлашиб, яна 7 нафар фуқарога касбга қайта тайёрлаш учун йўлланмалар берилган.

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими билан биргаликда ишсиз алимент тўловчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 03 сентябрь куни Қораўзак тумани Ёшлар маркази биносида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Унда Қораўзак туманидаги 11 корхона, муассаса ва ташкилотлар ўзларида мавжуд бўлган жами 27 та бўш иш ўринларини йиғилганларга таклиф этди.
Шунинг натижасида, 6 нафар шахслар доимий иш ўринлари билан таъминланиб, касбга қайта тайёрлаш курсларига 7 та фуқарога йўлланмалар берилган.
Шунингдек, меҳнат муносабатларига тегишли соҳалар бўйича фуқароларга ўзларининг қизиқтирган саволлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Бу каби тадбирлар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.







