Психотроп дори сотаётган фельдшер қўлга тушди
Тошкент ва Қашқадарёда қиймати 400 миллион сўмдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишига чек қўйилди.

Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида қиймати 400 миллион сўмдан ортиқ бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, Департамент ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида Қарши шаҳри Қорлиқбоғот маҳалласида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Касби тумани тез тиббий ёрдам станцияси фельдшери фуқарога уч турдаги 200 дона психотроп дори воситасини 15 миллион сўмга сотаётган вақтида ушланган.
Экспертиза хулосасига кўра, олиб қўйилган таблеткалар таркибида 18 грамм кучли таъсир қилувчи модда мавжудлиги аниқланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Департамент ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро харидорга кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 295 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.
Ундан умумий қиймати 388,3 миллион сўмлик 1 156 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








