“Участковой”ларга автомобилларга жарима белгилаш ваколати берилади
Ўзбекистонда профилактика инспекторларининг айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ваколатлари кенгайтирилади.

Ўзбекистонда профилактика инспекторларига айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жазо қўллаш ваколати берилади. Бу Президентнинг 4 сентябрь куни имзоланган қарорида белгиланди.
«Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлинмалари фаолияти ягона тизим асосида ташкил этилади.
Бунда фуқароларнинг мурожаат ва хабарларига тезкор муносабат билдириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини бевосита жойларда барвақт аниқлаш ва бартараф этишга устувор аҳамият қаратилади.
Шунингдек, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан кундалик манзилли профилактик ишлар олиб бориш тизими йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, профилактика инспекторининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Профилактика инспекторларига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилади:
— ваколат доирасидаги биринчи марта содир этилган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий огоҳлантириш қўллаш;
— маҳалла кўчалари ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий жазо қўллаш;
— туман ёки шаҳар ички ишлар органи бошлиғи ёхуд унинг ўринбосарлари ваколатига кирувчи 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш.








