Тошкентда мактаб ўқувчилари оммавий жанжаллашди
Ҳолат юзасидан уларнинг ота-оналарига маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Жорий йилнинг 7 сентябрь куни соат 13:20 ларда Юнусобод туманидаги умумтаълим мактаби ўқувчилари дарсдан сўнг уйларига қайтаётган вақтда Шоштепа маҳалласидаги кўп қаватли уйлар олдида ўзаро тортишиб қолган.
Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, 2009 йилда туғилган И.З., Ф.Ф., У.Б. ҳамда 2011 йилда туғилган Н.Й. исмли вояга етмаганлар ўртасида жанжал юзага келиб, жамоат тартиби бузилган. Воқеа жойида бўлган мактабнинг бошқа ўқувчилари уларга аралашиб, вазиятни тинчлантирган ва жанжалнинг жиддий тус олишига йўл қўймаган.
Ҳолат юзасидан вояга етмаганлар таҳсил олаётган мактабда туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоев иштирокида ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва мактаб раҳбарияти билан муҳокама ўтказилган.
Муҳокама якунига кўра, жамоат тартибини бузган вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси — «Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик» асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.








