Амударёда алимент тўлашдан қочиб юрган ота бозордан топилди
Эркак алимент пулларини мунтазам равишда тўламай келганлиги оқибатида унинг қарздорлиги 12 млн сўмни ташкил этган.

Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими иш юритувида мавжуд бўлган, Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туман судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор А.Ж. ундирувчи А.М.нинг фойдасига унинг қарамоғидаги икки нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ойда алимент пулларини тўлаши белгиланган.
Шунга қарамасдан, қарздор алимент пулларини мунтазам равишда тўламай келганлиги оқибатида унинг қарздорлиги 12 млн сўмни ташкил этган.
Қарздорнинг яшаш манзилида аниқланмаганлиги сабабли, ушбу қарздорликни ундириш имкони бўлмаган ва унга нисбатан бўлим давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган.
Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими ва Миллий гвардия ходимлари томонидан амалга оширилган ҳаракатлар натижасида қарздор Амударё тумани бозорларидан биридан топилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судига юборилган.
Шунинг натижасида қарздор жорий йилнинг 2 сентябрь куни алимент тўловларидан юзага келган 12 млн сўм қарздорликни собиқ турмуш ўртоғига тўлаб берган.







