Электрон аукционлар муддати икки баробарга қисқартирилади
Савдо ҳақидаги хабарномани эълон қилиш муддати 30 кундан 15 кунгача туширилади.

Ўзбекистонда давлат активларини реализация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида электрон онлайн-аукцион ва танлов савдоларини ташкил этиш тартибига қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.
Янги тартибга кўра, электрон аукцион ва танлов савдолари ўтказилиши тўғрисидаги расмий хабарномани эълон қилиш муддати амалдаги 30 кундан 15 кунгача қисқартирилади.
Шунингдек, дастлабки савдоларда сотилмай қолган мулклар бўйича такрорий аукционларни ўтказиш муддати ҳам қисқартирилади. Бунда такрорий савдо тўғрисидаги хабарнома 10 кун аввал эмас, балки 5 кун олдин эълон қилинади.
Натижада давлат активларини қайта савдога чиқариш ва якуний реализация қилиш ўртасидаги вақт икки баробарга қисқаради.
Қайд этилишича, мазкур ўзгаришлар давлат активларини иқтисодий айланмага тезроқ жалб этиш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.








