Франциядаги музейдан 9 миллион евролик картиналар ўғирланди
Икки асар топилган, яна иккитаси қидирилмоқда.

Франциянинг жанубидаги Кань-сюр-Мер шаҳрида жойлашган Пьер-Огюст Ренуар музейига ўғрилар бостириб кириб, рассомнинг тўртта асарини олиб кетган.
Терговга яқин манбанинг BFMTV телеканалига маълум қилишича, жиноятчилар музейга кириб, санъат асарларини уч дақиқадан камроқ вақт ичида олиб чиқиб кетган.
Ўғрилар деворлардан «Мадам Колонна Романо портрети», «Қудуқдаги ёш аёл», «Мадам Стефан Пишон портрети» ва «Коко ўқиши» номли картиналарни ечиб олган. Кейинчалик сўнгги икки асар музей боғидан топилган. Қолган икки картинанинг қаердалиги ҳозирча номаълум.
Кань-сюр-Мер мэри Бриан Массоннинг айтишича, ўғрилар қўлқоп ва ниқоб кийган. Уларнинг музей ҳудудини яхши билгани ва картиналарни девордан олиб ташлаш учун металл аррадан фойдалангани қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Марсель прокуратураси томонидан «уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ўғирлик» ҳамда жиноят содир этиш мақсадида жиноий ташкилотда иштирок этиш моддалари бўйича тергов олиб борилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари икки гумонланувчини қидирмоқда.
Ўғирланган санъат асарларининг умумий қиймати тахминан 9 миллион еврога баҳоланмоқда.
Маълумот учун, август ойида Италиянинг Мессина шаҳридаги ҳудудий музейдан Уйғониш даври рассоми Антонелло да Мессинага тегишли тўртта асар ҳам ўғирланган эди.








