Мерос талашган амакиваччаларни МИБ яраштирди
Давлат ижрочиси орқали уларнинг ҳақлари унидирилиб, қариндошлар ўзаро муросага келишган.

Мерос масаласи баъзан энг яқин инсонларни ҳам бир-биридан узоқлаштириб қўяди. Фарғона шаҳридаги бу воқеа ҳам шундай бошланган эди.
Бир оилада амакиваччаларга мерос қолади. Икки нафар амакивачча меросни бўлиб олиб, учинчи амакивачча — амакисининг қизининг ҳам қонуний улуши борлигини эътибордан четда қолдиришади.
Ўз ҳақини ололмаган қиз эса судга мурожаат қилади. Суднинг ҳал қилув қарори Фарғона шаҳар Мажбурий ижро бюроси бўлимига келиб тушгач, давлат ижрочиси ишга киришади.
Бу ерда масала оддий пул ундириш эмас эди. Гап бир оиладаги яқин қариндошлар ҳақида кетар, шунинг учун давлат ижрочиси тарафлар билан суҳбатлашиб, ҳар бирининг ҳақ-ҳуқуқини тушунтириб, уларни муросага чақирди.
Натижада икки нафар амакиваччадан ҳар биридан 189 миллион сўмдан, жами 378 миллион сўм маблағ ундирилиб, учинчи амакивачча — амакисининг қизига тегишли мерос улуши тўлиқ олиб берилди.
Энг қувонарлиси, иш фақат пулни ундириш билан тугамади. Қариндошлар ўртасидаги келишмовчилик ҳам бартараф этилди.







