Тез ёрдам машинасига йўл бермаган BYD ҳайдовчисига чора кўрилди
Ҳайдовчи сигнални автомобиль ойналари ёпиқ, кондиционер ва мусиқа ёқилгани сабабли эшитмаганини маълум қилган.

Тошкентда сирена ва махсус чироқ мосламалари ёқилган тез ёрдам автомобилига йўл бермаган BYD ҳайдовчисига нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
8 сентябрь куни мазкур ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Видеода тез ёрдам автомобилидаги ходимлар ҳайдовчидан йўл беришни бир неча бор сўраганига қарамай, BYD ҳайдовчиси ҳаракатини давом эттиргани акс этган.
Пойтахт ЙҲХБ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан ҳайдовчининг шахси аниқланиб, у билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Ҳайдовчи ҳолат қасддан содир этилмаганини, автомобиль ойналари ёпиқ бўлгани, кондиционер ва мусиқа ёқилгани сабабли тез ёрдам сигналини эшитмаганини билдирган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шунингдек, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.








