Уй конструкцияларини ўзбошимчалик билан бузган мулкдорга 22 миллион сўм жарима солинди
Яшнобод туманида эксплуатация муддати 50 йилдан ошган кўп квартирали уйда таянч ва тўсиқ конструкцияларини бузиб, реконструкция ҳамда қайта режалаштириш ишларини амалга оширган мулкдор жаримага тортилди.

Тошкент шаҳар ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси мутахассислари томонидан «Авиасозлар» маҳалласида яшовчи мулкдорларнинг мурожаати ўрганилган. Текширув давомида кўп квартирали уй мулкдори томонидан амалдаги талабларга зид равишда қайта режалаштириш ва реконструкция ишлари амалга оширилгани аниқланган.
Хусусан, мулкдор томонидан кўп квартирали уйнинг тўсиқ ва таянч конструкциялари бузилгани маълум бўлган.
Қайд этилишича, эксплуатация муддати 50 йилдан ошган кўп квартирали уйларда қайта режалаштириш ва реконструкция ишларини амалга ошириш Президентнинг 2026 йил 4 июндаги ПФ-104-сонли фармони билан тақиқланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўп квартирали уйларда таянч ва тўсиқ конструкцияларини ўзбошимчалик билан бузиш бинонинг мустаҳкамлиги ва сейсмик барқарорлигига жиддий хавф туғдириши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан мулкдорга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси 3-қисмига асосан БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима солинган. Шунингдек, аниқланган қонунбузарликни белгиланган муддатда бартараф этиш ва бинони аввалги ҳолатига қайтариш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилган.
Мулкдор кўрсатма талабларини белгиланган муддатда бажармаган тақдирда, туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси киритилиши ҳақида огоҳлантирилган.








