Болдирга яширилган 240 минг доллар
Тошкентда икки нафар Қозоғистон фуқароси 240 минг АҚШ долларини болдирларига яшириб, Ўзбекистондан олиб чиқиб кетишга уринган вақтида ушланди. Шунингдек, қалбаки 8400 долларни 3800 долларга сотишга уриниш фош этилди.

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида катта миқдордаги хорижий валютанинг Ўзбекистондан ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди.
Хусусан, Тошкент туманидаги «Навоий» чегара-божхона постида 2005 ва 2009 йилларда туғилган икки нафар Қозоғистон фуқароси шахсий кўрикдан ўтказилган.
Текширув давомида фуқаролардан бири оёқларининг болдир қисмига скотч ёрдамида 160 минг АҚШ доллари, иккинчиси эса 80 минг АҚШ долларини яширин тарзда боғлаб, уларни қўшни давлат ҳудудига олиб чиқиб кетишга урингани аниқланган.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қалбаки хорижий валютани муомалага киритишга уриниш билан боғлиқ ҳолат ҳам фош этилган.
Аниқланишича, Қибрай туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс Туркиядан олиб келинган 8 400 АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки валютани фойда олиш мақсадида муомалага киритишга уринган.
У Юнусобод туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шериги билан олдиндан тил бириктириб, қалбаки пулларни шартли харидорга 3 800 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








