Электротехника саноатига 2030 йилгача 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш юзасидан тақдимот билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш, юқори қўшилган қийматли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда тармоқда амалга оширилган ишлар натижасида ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилдаги 4,7 триллион сўмдан 43,1 триллион сўмга етди. Экспорт 1 миллиард доллардан ошиб, Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари бугунги кунда 65 та давлатга етказиб берилмоқда.
Тармоқда мисдан тайёрланган маҳсулотлар, маиший техника, қуёш панеллари, юқори кучланишли кабеллар, электромобилларни қувватлаш станциялари, вакуум ўчиргичлар, юқори кучланишли ажратгичлар ва иссиқлик насослари каби янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Маиший техникага бўлган ички талабнинг 80 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан қопланмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки етти ойида 30 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 706 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. 148 миллион долларлик 16 та лойиҳа ишга туширилиб, 1,2 мингта янги иш ўрни яратилган.
Йил якунига қадар ишлаб чиқариш ҳажмини 51 триллион сўмга, экспортни эса 1,6 миллиард долларга етказиш ҳамда 420 миллион долларлик 67 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.
Тақдимотда 2030 йилгача электротехника ва унга ёндош тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллиард долларга, экспортни 5 миллиард долларга етказиш ва соҳага 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мақсадлари кўриб чиқилди.
Бу борада мамлакатдаги хомашё базаси ва ички бозор имкониятларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Ҳозир йилига 150 минг тоннадан ортиқ мис катоди ишлаб чиқарилмоқда ва янги қувватлар ҳисобига бу кўрсаткични 300 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Тармоқ корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш учун янги механизмлар ҳам таклиф этилди. Жумладан, мис хомашёсини харид қилиш харажатларининг 25 фоизи корхона томонидан, 75 фоизи эса «Ўзсаноатекспорт» АЖ томонидан молиялаштирилади. Ушбу мақсадлар учун 50 миллион доллар ресурс йўналтирилади.
Шунингдек, кредитлар учун экспорт шартномалари ва суғурта полислари каби таъминот турларидан фойдаланиш имконияти яратилади. Камида 50 миллион доллар инвестиция киритадиган йирик халқаро брендлар учун солиқ имтиёзлари ҳамда тайёр инфратузилмага эга бинолар таклиф этилади.
Электротехника саноати корхоналарига берилаётган солиқ ва божхона имтиёзларини 2030 йилгача узайтириш, экспорт учун хорижий бозорларда савдо омборлари ташкил этиш ҳамда маҳсулотларни сертификатлаш жараёнларини енгиллаштириш режалаштирилган.
Инновация ва илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш мақсадида Тўртинчи саноат инқилоби илмий-тадқиқот ва инновация марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Марказ янги маҳсулотларни рақамли моделлаштириш, синовдан ўтказиш, прототиплар тайёрлаш ва корхоналарга инжиниринг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.
Президент мутасаддиларга электротехника саноатида қўшилган қийматни ошириш, юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллий корхоналарни глобал қиймат занжирларига олиб кириш бўйича топшириқлар берди.








