Наманганда 7 700 долларга “REGAPEN” сотаётган шахс ушланди
Наманган ва Андижонда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Поп тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М. Ё. кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси вақтида қўлга олинган.
Аниқланишича, М. Ё. 938 дона «REGAPEN» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро О. Н. га 7 700 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ундан яна 1 848 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Терговга қадар текширув давомида М. Ё. мазкур дориларни аввал судланган таниши М. С. билан бирга Фарғона шаҳридан сотиб олгани аниқланган.
Шунингдек, улар ўртасида вазифалар тақсимлангани маълум бўлган. Жумладан, М. Ё. дориларни олиб келиб, уларни белгиланган жойларга жойлаштириш ва сақланишини таъминлаш билан шуғулланган. М. С. эса мижоз топиш ва дори воситаларини сотиш билан шуғулланган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Балиқчи тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида яна бир ҳолат аниқланган.
Хусусан, фуқаро М. О. га тегишли «Наврўз» МФЙ ҳудудидаги хонадон кўздан кечирилганда, у 308 дона «REGAPEN» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотиш мақсадида сақлаб келгани аниқланган. Мазкур дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Қайд этилишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-6-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








