Саида Мирзиёевага қўшимча вазифа юклатилди
Президент Администрацияси раҳбари Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси этиб тайинланди.

Президенти фармони билан Президент Администрацияси Раҳбари Саида Шавкатовна Мирзиёева ҳозирги лавозими билан ўриндошлик асосида Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси лавозимига тайинланди.
Қайд этилишича, бошқарувчи Молия маркази кенгашининг Бош котиби ҳисобланади. У Кенгаш мажлислари кун тартибини шакллантиришни ташкил этади ҳамда раис қатнашмаган йиғилишларда уларга раислик қилади.
Марказ фаолиятини йўлга қўйиш ва унинг ишини мувофиқлаштириш бошқарувчининг асосий вазифаларидан бири бўлади. Жумладан, дастлабки ҳужжатларни тайёрлаш, давлат органлари ва Марказ тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этиш унинг ваколатларига киради.
Шунингдек, бошқарувчи Молия маркази номидан Ўзбекистон ва хорижда халқаро ташкилотлар, инвесторлар ҳамда ҳамкорлар билан муносабатларда Марказ манфаатларини ифодалайди.
У кадрлар масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда ҳам иштирок этади. Хусусан, Молия маркази маъмуриятининг ижрочи директори ва унинг ўринбосарларини тайинлаш, шунингдек, Молиявий хизматлар бошқармаси раҳбарияти бўйича тавсиялар киритиш ваколатига эга.
Бошқарувчига битимлар тузиш, ишчи гуруҳлар ташкил этиш ҳамда зарур ҳолларда экспертларни жалб қилиш ҳуқуқи ҳам берилган.








