Сирдарёда боғча раҳбари ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилди
Шунингдек, боғча ходимлари “Open budget” учун мажбурий овоз йиғишга жалб қилингани аниқланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Омбудсман) фуқаро Д.С. мурожаат қилиб, Сирдарё вилоятидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида ходимлар мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани юзасидан амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат Омбудсман томонидан назоратга олиниб, ҳолат унинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари жалб этилган ҳолда ўрганилган.
Ўрганиш давомида давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир неча ходими муассаса биноси ва ҳовлисида қурилиш ишлари якунлангач, ҳудудни тозалаш ишларига жалб қилингани аниқланган. Шунингдек, ходимларни “Open budget” порталидаги ташаббус учун мажбурий равишда овоз тўплашга жалб қилиш ҳолатлари ҳам маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилиб, ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш орқали Меҳнат кодексининг 5-моддаси талаблари бузилгани аниқланган.
Шундан сўнг давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Г.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий чора кўрилган. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 20 миллион 600 минг сўм миқдорида жарима тайинланган.
Қонунчиликка кўра, ходимни унинг меҳнат вазифаларига кирмайдиган ишларга мажбуран жалб қилиш, шунингдек, меҳнат муносабатлари доирасида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйиш тақиқланади.








