Ўзбекистонда валюта курсини шакллантириш тартиби ўзгартирилади
15 сентябрдан расмий алмашув курсини ҳисоблашда валюта биржасидан ташқари банклараро бозорда тузилган битимлар ҳам инобатга олинади.

Ўзбекистон Марказий банки 2026 йил 15 сентябрдан ички валюта бозорида алмашув курсини шакллантириш ва эълон қилиш амалиётлари такомиллаштирилишини маълум қилди.
Янги тартибга кўра, Марказий банкнинг расмий валюта алмашув курслари фақат валюта биржасидаги битимлар асосида эмас, балки банклараро биржадан ташқари бозорда тузилган битимлар ҳам ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилади.
Хусусан, расмий курс биржа ва биржадан ташқари бозорда тузилган битимларнинг ўртача тортилган курси асосида ҳисобланади. Марказий банкнинг қайд этишича, бу расмий алмашув курсини ҳисоблашда ички валюта бозоридаги битимларни кенгроқ қамраб олиш ва бозор ҳолатини янада аниқ акс эттириш имконини беради.
Шунингдек, дам олиш кунлари, жумладан шанба ва якшанба кунлари учун охирги иш кунида расмий эълон қилинган валюта курсларидан фойдаланиш амалиётига ўтилади.








