71,4 млрд сўмлик ободонлаштириш ишлари: Президент “Қичқириқ” маҳалласига борди
Қичқириқ канали бўйида янги сайлгоҳ барпо этилди, маҳаллада республикадаги илк минорали автотураргоҳ ўрнатилди, эски боғча янгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Қичқириқ маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди.

30 йилдан ортиқ тарихга эга маҳаллада 23 та кўп қаватли уй бўлиб, 1 416 та хонадонда 5,4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Маҳаллани ободонлаштириш ишлари 2024 йил 25 июндаги Президент қарори асосида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида амалга оширилган. Лойиҳага маҳаллий бюджетдан 71,4 миллиард сўм йўналтирилган.

Натижада ҳудудда замонавий яшил шаҳарсозлик муҳити яратилиб, Қичқириқ канали бўйида 2,4 километр узунликдаги сайилгоҳ барпо этилган. Бу ерда 12,4 километр пиёдалар йўлаги, 14 та шийпон, фавворалар, чархпалак ва бошқа дам олиш масканлари ташкил этилган.

Маҳаллада 6,5 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт парвариш қилинмоқда. Шунингдек, 12 та воркаут майдончаси, 3 та футбол майдони, кутубхоналар ва амфитеатр ташкил этилган.

Ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилган. Ҳозир 47 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда, янги лойиҳалар ҳисобига 61 та иш ўрни яратилган.
Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳам лойиҳалар йўлга қўйилган. Жумладан, Гулнора Ғойипова кулолчилик тўгараги ва тўқувчилик цехини ташкил этган. Бу ерда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда.

Шунингдек, ҳудудда республикада биринчилардан бўлиб замонавий минорали автотураргоҳ ўрнатилди. Ушбу 8 қаватли иншоот лифт принципида ишлайди. Марказдаги лифт автомобилни қабул қилиб, уни ўнг ва чап томондаги бўш жойларга жойлаштиради. Натижада атиги бир жуфт машина сиғадиган кичик ер майдонида 16 та автомобилни бемалол сақлаш имкони яратилди.
Шунингдек, маҳалладаги 441-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган. 1976 йилда қурилган боғча ҳудудида жами 450 ўринли иккита янги бино барпо этилиб, муассасанинг умумий қуввати 835 ўринга етказилган.
Боғчада болалар учун инглиз тили, ментал арифметика, тасвирий санъат, мусиқа, бадиий гимнастика, шахмат ва таэквондо тўгараклари ташкил этилмоқда. Шунингдек, болаларнинг давлат тилини ўйин ва рақамли технологиялар орқали ўрганишига мўлжалланган “Ўзбек тилини ўйнаб ўрганамиз” интерактив платформаси жорий этилган.
Муассасада йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тўгарак ҳам фаолият юритмоқда. Президент болаларни йўл ҳаракати хавфсизлиги маданиятига мактабгача ёшдан ўргатиш ва бундай тажрибани бошқа боғчаларда ҳам оммалаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари ташриф давомида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.








