Президент Олмазордаги “RomPharm NS” корхонаси фаолияти билан танишди
Корхонада импорт ўрнини босувчи, асосан неврология, кардиология ва бошқа йўналишларда қўлланиладиган дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида фаолият юритаётган “RomPharm NS” дори воситалари ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюрди.
Мазкур корхонада фармацевтика тармоғини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида ишлар амалга оширилмоқда.
Корхонанинг асосий мақсади ички бозорни сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда импорт қилинадиган дори воситаларининг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдан иборат. Келгусида унинг йиллик ишлаб чиқариш қувватини 1 миллиард дона таблетка, 500 миллион дона капсула ва 120 миллион дона сашега етказиш режалаштирилган.
“RomPharm NS” тўлиқ ишлаб чиқариш цикли ва назорат лабораторияси Европа Иттифоқининг GMP стандартлари асосида ташкил этилган Марказий Осиёдаги илк мажмуалардан бири ҳисобланади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 45 миллион еврони ташкил этади. 1,7 гектар майдонда жойлашган корхонада 150 та янги иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш жараёнларининг 90 фоизи автоматлаштирилган бўлиб, замонавий ускуналар Италия, Германия, Австрия, АҚШ, Швейцария ва Болгариядан олиб келинган.
Корхонада асосан неврология, кардиология, метаболик жараёнлар ҳамда яллиғланишга қарши йўналишларда қўлланиладиган дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Тайёрланаётган маҳсулотлар тўлиқ импорт ўрнини босишга йўналтирилган.
Давлат раҳбари корхона фаолияти билан танишиш давомида замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, ички бозорни сифатли дори воситалари билан таъминлаш ва импортга қарамликни камайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, фармацевтика соҳасида янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Ташриф давомида Президентга корхонанинг истиқболдаги фаолияти ва янги лойиҳалари юзасидан тақдимот қилинди.








