Тундаги шовқин қимматга тушади: 8,8 млн сўмгача жарима тўлайсиз
Шовқин даражаси меъёридан юқори бўлган автомобилни бошқарганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилади.

Ўзбекистонда маиший шовқинга қарши курашиш талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Тегишли қонун Президент томонидан 9 сентябрь куни имзоланган бўлиб, янги тартиблар 11 декабрдан кучга киради.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, шовқин талабларини бузганлик учун жарималар сезиларли даражада оширилмоқда.
Янги тартибга кўра, маиший шовқинга қарши курашиш талабларини бузган фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, яъни 1,32 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача жарима солинади. Мансабдор шахслар учун эса жарима БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача — 4,4 млн сўмдан 6,6 млн сўмгача этиб белгиланади.
Агар ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача, яъни 3,08 млн сўмгача, мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача — 8,8 млн сўмгача жарима қўлланади.
Шунингдек, фуқароларнинг тинчлиги ва нормал дам олишига халақит берувчи шовқин тақиқланган вақт оралиғи ҳам ўзгаради. Амалдаги 23:00 дан 06:00 гача бўлган давр ўрнига иш кунлари 23:00 дан 07:00 гача, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари эса 22:00 дан 09:00 гача бўлган вақт белгиланади.
Шовқин даражаси белгиланган меъёрлардан юқори бўлган транспорт воситаларини бошқарганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилади.
Амалдаги тартибда бундай ҳолат учун огоҳлантириш берилиши ёки БҲМнинг 0,5 баравари, яъни 220 минг сўм миқдорида жарима солиниши мумкин.
11 декабрдан бошлаб огоҳлантириш чораси бекор қилиниб, жарима БҲМнинг 1 бараваригача, яъни 440 минг сўмгача оширилади.
Шунингдек, ҳукумат қарорларини янги қонунчиликка мувофиқлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли топшириқлар берилган.








