26 минг долларлик “гашиш” битими: харидор ўрнига тезкор ходимлар келди
Қўлга олинган шахсларнинг аввал ҳам гиёҳвандлик жинояти учун судлангани аниқланган.

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Тошкент шаҳрида йирик миқдордаги наркотик модданинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Божхона ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўшни давлатдан олиб кирилган 1 кг 185 грамм «гашиш» моддаси мусодара қилинди.
Аниқланишича, Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун судланган шахс Яккасарой туманидаги меҳмонхоналардан бирида мазкур гиёҳвандлик воситасини шартли харидорга 26 минг АҚШ долларига сотишга келишган.
У келишилган пулнинг 21 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситасини Сурхондарёдан Тошкентга олиб келган «Cobalt» русумли автомобиль ҳайдовчиси — 1987 йилда туғилган, Денов шаҳрида яшовчи, муқаддам ўғрилик билан боғлиқ жиноят учун судланган шахс ҳам қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








