Экологлар рейди қаршиликка учради: инспектор жароҳатланди, бўлим бошлиғи ҳушсиз топилди
Ғузорда ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш вақтида Экополиция ходимларига ҳужум қилинди.

Қашқадарё вилоятида экологик назорат тадбирлари давомида Экополиция ходимларига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди.
Маълум қилинишича, 11 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Ғузор тумани бўлими бошлиғи Баҳром Тошпўлатов Қашқадарё дарёсида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд тадбири вақтида ҳуқуқбузарлар ҳужумига учраган.
У ҳудудда фуқаролардан бири томонидан ҳушсиз ҳолатда топилиб, шифохонага олиб борилган. Айни пайтда унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Яна бир ҳолат 6 сентябрдан 7 сентябрга ўтар кечаси Ғузор туманининг «Қовчин» МФЙ, Араб қишлоғи ҳудудида содир бўлган. Экологик назорат тадбири давомида Қашқадарё дарёсининг муҳофаза этиладиган ҳудудида ноқонуний қум-шағал қазиб олинаётгани аниқланган.
Экополиция ходимлари қонунбузарликни тўхтатиб, техника воситаларини жарима майдонига олиб кетаётган вақтида бир гуруҳ шахслар уларга фаол қаршилик кўрсатган. Натижада инспекторлардан бирига тан жароҳати етказилган, шунингдек, жарима майдонига олиб кетилаётган техника воситаси олиб қочилган.
Мазкур икки ҳолат юзасидан Ғузор туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими тезкор-тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими ходими Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.








