Ишлаётган оналарга нафақа: янги тартиб 2027 йилдан кучга киради
Меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан сўнг фарзанди 1 ёшга тўлгунча нафақа бериш тартиби жорий этилади.

2027 йил 1 январдан меҳнат шартномаси асосида ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди 1 ёшга тўлгунига қадар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан бола парвариши нафақасини тўлаш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, шу санадан бошлаб аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга эҳтиёжи молиявий ҳолат билан бир қаторда оила аъзоларининг сурункали касалликлари, ногиронлиги, ташқи меҳнат миграцияси ва оиланинг кўп фарзандли экани каби мезонларни ҳисобга олувчи кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали аниқланади.
Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими асосида баҳоланиб, натижаларига кўра улар тегишли тоифаларга ажратилади ҳамда ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади.
Фармонга кўра, «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари сақлаб қолинади. Уларнинг маблағларини тасарруф этиш ҳамда улар ҳисобидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ваколатлари туман ва шаҳар штабларига ўтказилади.
Бундан ташқари, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилалар аъзоларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2026 йилда қўшимча 100 млрд сўм, 2027 йилда эса 300 млрд сўм миқдорида фоизсиз кредитлар ажратилади.








