Жароҳат, ҳужжатсизлик ва маблағсизлик: Екатеринбургдаги ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
Вақтинча яшаш жойида йиқилиб, оғир жароҳат олган ўзбекистонлик маблағи йўқлиги сабаб зарур даволанишни ололмай, меҳнат фаолиятини ҳам давом эттира олмаган.

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида оғир моддий ва жисмоний аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросига ватанга қайтишида ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида туғилган А. Д. 8 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилган.
У 2026 йил январь ойида Свердловск вилоятига вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун келган. Бироқ июль ойида вақтинча яшаш жойида йиқилиб, умуртқа поғонасидан оғир жароҳат олган.
Маблағи етишмагани сабабли зарур даволаниш курсини ололмаган ва меҳнат фаолиятини давом эттира олмаган. Бундан ташқари, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ҳам фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган.
Консуллик ходимлари ҳолатни ўрганиб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрган. Фуқарога Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилган.
Шунингдек, белгиланган тартибда Миграция агентлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Екатеринбург–Тошкент» йўналишидаги авиарейсга чипта харид қилинган.
У Бош консулхона ҳамда Миграция агентлиги ходимлари кузатувида Ўзбекистонга эсон-омон қайтарилган.








