“Damas”да хавфли пойга: гувоҳномасиз ҳайдовчисига чора кўрилди
Ҳайдовчиси профилактика инспектори ва фуқароларнинг тўхташ ҳақидаги талабига бўйсунмай, юқори тезликда ҳаракатланган.

Қарши шаҳрида “Damas” автомашинасини бошқариб, вояга етмаганларнинг ҳаётини хавф остига қўйган ҳайдовчи аниқланди.
Маълум қилинишича, ҳайдовчи «Чўққивор» МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйлар оралаб юқори тезликда ҳаракатланган. У профилактика инспектори ва фуқароларнинг тўхташ ҳақидаги талабларига ҳам бўйсунмаган.
Ҳолатга аниқлик киритилганда, ҳайдовчи Ҳайдаров Асилбек экани маълум бўлган. У автомобилни акасидан рухсатсиз олиб, ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарганини тан олган ва қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 5-қисми, 128⁵-моддаси 2-қисми, 128¹⁰-моддаси 2-қисми ҳамда 135-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
“Damas” автомобили вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.








