Сеулда Ўзбекистон байроғи порламоқда: Lotte Tower икки давлат дўстлиги рамзига айланди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи муносабати билан шаҳарнинг қатор нуфузли жойларида мамлакатимиз давлат рамзлари намоён этилмоқда.

13 сентябрь куни эса бу жараён Сеулнинг энг машҳур рамзларидан бири — Lotte World Towerда ўзининг энг ёрқин ифодасини топди.
Кечқурун 555 метр баландликка кўтарилган осмонўпар бино фасадида Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлат байроқлари ранглари уйғунлашиб, Сеул тунларини ёритди. Бу манзара икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва яқин ҳамкорликнинг рамзий кўриниши сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Маълумот учун, 123 қаватли Lotte World Tower — Жанубий Кореянинг энг баланд биноси. 555 метрлик ушбу иншоот Сеулнинг замонавий қиёфаси, инновация ва иқтисодий тараққиётининг энг машҳур рамзларидан бири саналади. Бино ўзининг ўзига хос меъморий қиёфаси билан нафақат Корея, балки бутун дунёда танилган. Унинг юқори қисмида жойлашган Seoul Sky кузатув майдони эса ташриф буюрувчиларга Сеулни юксакликдан томоша қилиш имконини беради.
Ана шу машҳур осмонўпар иншоотда Ўзбекистон ва Корея байроқларининг биргаликда порлаши икки давлат муносабатларининг бугунги руҳини ўзида мужассам этди.Сеул осмонида порлаган Ўзбекистон байроғи — бугунги дўстликнинг, эртанги ҳамкорликнинг ва умумий тараққиёт сари интилишларнинг ёрқин ифодасидир.








