Трансформатор ёнғини: айрим ҳудудлар вақтинча электрсиз қолди
Ёнғинга қисқа туташув ва трансформатор мойининг сизиб чиқиши сабаб бўлган.

Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг 11-даҳасида трансформатор пунктида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида ҳудуддаги айрим истеъмолчиларнинг электр таъминоти вақтинча узилган.
Маълум қилинишича, 14 сентябрь куни соат 00:30 да Фавқулодда вазиятлар бошқармасига трансформатор ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Қутқарувчилар воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни соат 01:09 да тўлиқ бартараф этган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга трансформаторнинг биринчи секциясида юзага келган қисқа туташув ва трансформатор мойининг сизиб чиқиши сабаб бўлган.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳудуддаги электр истеъмолчилари вақтинча тармоқдан узилган. Айни пайтда Юнусобод туман электр тармоқлари корхонаси мутахассислари томонидан носозлик оқибатларини бартараф этиш ва трансформатор пунктини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, ишлар якунлангач, истеъмолчиларнинг электр таъминоти босқичма-босқич тикланади.








