Усмонов санкциялар рўйхатидан чиқариладими? Франция, Италия ва Хорватия таклифни қўллади
Европа Иттифоқида индивидуал санкцияларни узайтириш учун барча аъзо давлатларнинг бир овоздан розилиги талаб этилади.

Франция, Италия ва Хорватия россиялик бизнесмен Алишер Усмоновни Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқаришни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Маълум қилинишича, Франция Словакиянинг Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш ҳақидаги талабини қўллаб-қувватлаган. Париж бу таклифни “сиёсий муроса” сифатида баҳолаган.
Financial Times маълумотларига кўра, кейинчалик Италия ва Хорватия ҳам Усмоновга нисбатан чекловларни бекор қилиш тарафдори бўлган. Икки давлат бу позицияни Европа Иттифоқининг индивидуал санкцияларни узайтириш масаласи кўриб чиқилишидан олдин муросага эришиш умидида билдирган.
Европа Иттифоқида индивидуал санкцияларни узайтириш учун барча аъзо давлатларнинг бир овоздан розилиги талаб этилади. Шу сабабли Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш ташаббусининг қўллаб-қувватланиши чекловларни узайтириш бўйича келишувга таъсир қилиши мумкин.
Европа Иттифоқи доимий вакилларининг санкцияларни узайтириш масаласини муҳокама қилиши 14 сентябрга белгиланган.








