Бухородаги нефть омборида ёнғин: 3 фуқаро жароҳатланди
Ёнғин оқибатида омбордаги битта ёқилғи резервуари ёниб, зарарланган.

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги нефть маҳсулотларини сақлаш омборида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида уч нафар фуқаро куйиш жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
15 сентябрь куни соат 10:30 да «112» тизими орқали Бухоро вилояти ФВБга Қоровулбозор тумани «Чўлқувар» МФЙ ҳудудида жойлашган нефть маҳсулотларини сақлаш омборидаги резервуарлардан бирида ёнғин чиққани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга кўра, қутқарув бўлинмалари зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 11:18 да тўлиқ бартараф этилган. Уни ўчириш ишларига 14 та қутқарув бўлинмаси жалб қилинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, омбордаги битта ёқилғи резервуари ёниб, зарарланган. Ёнғин оқибатида уч нафар фуқаро турли даражадаги куйиш тан жароҳатлари билан Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Воқеа жойида вилоят ФВБ, ИИБ, ССБ раҳбарияти ҳамда тегишли хизматлар ходимлари иш олиб бормоқда.








