Дала шийпонидаги 17 ўрам: Ургутда 60 грамм шубҳали модда топилди
Текширув вақтида уй-рўзғор буюмлари орасига яширилган шубҳали ашёлар аниқланган.

Самарқанд вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш доирасида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Маълум қилинишича, тадбир Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Миллий гвардия вакиллари билан ҳамкорликда Ургут тумани Оқмачит маҳалласи ҳудудида ташкил этилган.
Тезкор тадбир давомида фуқаролардан бирига тегишли дала шийпони белгиланган тартибда, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Текширув вақтида уй-рўзғор буюмлари орасига яширилган шубҳали ашёлар аниқланган.
Кўздан кечириш натижасида жами 17 та ўрамга қадоқланган, умумий тахминий оғирлиги 60 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда топилган.
Аниқланган ашёлар белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, уларнинг тури ва таркибини аниқлаш учун тегишли экспертизага юборилган. Ҳолат юзасидан процессуал ҳаракатлар бошланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Модданинг гиёҳвандлик воситаси эканлиги ва унинг аниқ таркиби экспертиза хулосасидан сўнг белгиланади.








