Дарсдаги тортишув: ўқувчи қизни синфдошининг онаси калтаклади
Дарс вақтида икки қиз ўртасида тортишув юзага келган. Можаро ортидан бирининг онаси иккинчи қизни дарсдан чақиртириб, унинг бўйнини тирнагани ва жисмоний куч ишлатган.

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятидаги мактаблардан бирида ўқувчининг калтаклангани ҳақида тарқалган хабар юзасидан ҳолат Болалар омбудсмани назоратида ўрганилмоқда.
Аниқланишича, 7 сентябрь куни вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олаётган, 2013 йилда туғилган А. З. ва З. А. исмли икки нафар қиз дарс вақтида ўзаро тортишиб, улар ўртасида низо келиб чиққан.
Кейинги куни А.З.нинг онаси С.Ш. мактаб маъмуриятига мурожаат қилмасдан, белгиланган тартибга зид равишда ўқув машғулоти давомида вояга етмаган З.А.ни дарсдан чақиртирган.
Шундан сўнг улар ўртасидаги суҳбат кескинлашгани ва аёл вояга етмаган қизга жисмоний куч ишлатиб, унинг бўйнини тирнагани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти Боёвут тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Айни пайтда вояга етмаган қизнинг соғлиғига етказилган зарар даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Болалар омбудсмани боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масаласини назоратга олган. Текширув натижаларига кўра ҳолатга тегишли ҳуқуқий баҳо берилади.
Қўшимча маълумотлар маълум бўлиши билан тақдим этилиши билдирилди.








