Тошкентда 12 соатлик “газ танаффуси”: қайси ҳудудлар газсиз қолади?
Бунга таъмирлаш ишлари сабаб бўлиб, ишлар якунлангач, газ таъминоти босқичма-босқич тикланади.

Таъмирлаш ишлари муносабати билан 16 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Миробод ва Яшнобод туманларидаги айрим ҳудудларда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилади.
“Ҳудудгаз Пойтахт” GTF маълумотига кўра, газ таъминоти соат 10:00 дан 22:00 гача чекланади.
Миробод туманида “Тонг юлдузи” МФЙнинг Сайхун кўчасида жойлашган ер усти ўрта босимли зулфин ва компенсатор коррозияга учрагани сабабли уларни янгисига алмаштириш ишлари амалга оширилади.
Мазкур таъмирлаш ишлари сабаб “Тонг юлдузи” МФЙдаги 14 та кўп қаватли уй, 2 100 та хонадон ва 350 та ерли хонадон, шунингдек, «Иноқобод» МФЙдаги 7 та кўп қаватли уй, 600 та хонадон ва 450 та ерли хонадон газ таъминотидан вақтинча узилади.
Бундан ташқари, ушбу икки маҳалладаги 8 та улгуржи истеъмолчи ҳам таъмирлаш ишлари таъсир доирасида қолади.
Яшнобод туманида эса газ таъминотидаги вақтинчалик чеклов “Янги давр”, «Нодира», «Донишманд», «Ҳосият» МФЙлари ҳамда “Ассалом ҳаво” турар жой мажмуасига тааллуқли бўлади.
Хусусан, “Янги давр” МФЙда 15 та кўп қаватли уй, 400 та хонадон ва 470 та ерли хонадон, «Нодира» МФЙда 250 та ерли хонадон, «Донишманд» МФЙда 5 та кўп қаватли уй, 240 та хонадон ва 320 та ерли хонадон, «Ҳосият» МФЙда 8 та кўп қаватли уй, 384 та хонадон ва 180 та ерли хонадон газсиз қолади.
Шунингдек, “Ассалом ҳаво” турар жой мажмуасидаги 10 та кўп қаватли уй ва 480 та хонадон ҳам вақтинчалик чекловдан таъсирланади. Мазкур ҳудудлардаги жами 48 та улгуржи истеъмолчи учун ҳам газ таъминоти вақтинча тўхтатилади.
Таъминот таъмирлаш ишлари якунлангач, хавфсизлик талаблари асосида босқичма-босқич қайта тикланади.








