Ҳамширадан оилавий шифокоргача: тиббиёт ходимларига ҳар ойлик устама тўланади
Устама миқдори мутахассиснинг таълим даражасига қараб 1, 2 ёки 4 бараварни ташкил этади.

2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг икки йиллик ўқув дастурларига қабул бекор қилинади.
Шунингдек, олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашда ривожланган хорижий давлатларнинг олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари жорий этилади.
Тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислиги бўйича илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш мақсадида магистратура дастури ҳам йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан тиббиёт, фармацевтика ва педагог ходимларининг базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига нисбатан қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик устамалар белгиланади:
-
бакалавриатни тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари;
-
магистратурани тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баравари;
-
оилавий тиббиёт бўйича резидентурани тамомлаган оилавий шифокорлар ва шу йўналишда магистратурани тамомлаган педагог кадрларга — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари.
Яъни устама миқдори мутахассиснинг таълим даражаси ва тайёргарлигига қараб белгиланади.








