Тошкентда эр-хотин ўртасидаги мулкий низо МИБда ҳал бўлди
Ижро давомида эркакдан унинг турмуш ўртоғига тўланадиган 74 млн ундириб, иш тамомланган.

Оилавий ҳаёт давомида орттирилган мол-мулкни тақсимлаш масаласи баъзан эр-хотин ўртасида низога сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда суд қарорининг ижросини таъминлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бюронинг Олмазор туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2026 йил 9 февралдаги қарори асосида қарздор Т.А.дан ундирувчи Т.Ф. фойдасига никоҳ даврида орттирилган "BMW-520" русумли автомашинанинг 1/2 қисми қиймати — 74 миллион 700 минг сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати 2026 йил 3 апрель куни келиб тушган.
Шу куни ижро иши юритиш қўзғатилиб, суд ҳужжатида белгиланган талабларни таъминлаш мақсадида қарздорнинг автотранспортига нисбатан тақиқ ўрнатилди ҳамда автомашина қидирувга берилди.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Т.А. автомашинадан айрилиб қолмаслик мақсадида суд қарорида белгиланган 74 миллион 700 минг сўм маблағни тўлиқ тўлади.
Ушбу маблағ ундирувчи Т.Ф.нинг шахсий пластик ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.
Шу тариқа, суд қарорида белгиланган мажбурият амалда таъминланиб, ундирувчининг қонуний манфаати тикланди. Ижро ҳужжати талаблари тўлиқ бажарилганлиги сабабли иш юритуви “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддасига асосан амалда тамомланди.







