Ҳужжатсизлик ва молиявий қийинчилик: Новосибирскда 6 нафар ўзбекистонликка кўмак берилди
Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари Новосибирскдаги корхоналарда ишлаётган ватандошлар билан учрашди.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонаси вилоятдаги корхоналарда меҳнат қилаётган ватандошлар билан сайёр учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Дипломатлар «Sibpekar», «Хилокс товар базаси» ҳамда «SIBELEKTROTERM» корхоналарида ишлаётган ўзбекистонликлар билан учрашди.
Мулоқотлар давомида ватандошларга консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар берилиб, дипломатик ваколатхоналарнинг манзиллари ва ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган колл-марказлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, иш ҳақини ўз вақтида тўлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тўловлар асоссиз кечиктирилган тақдирда, масалани тезкор ҳал қилиш учун Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонасига мурожаат қилиш тавсия этилди.
Учрашувлар давомида оғир молиявий аҳволга тушиб қолган ва ватанга қайтишга муҳтож бўлган 6 нафар Ўзбекистон фуқаросига, жумладан, вояга етмаган болаларга ёрдам кўрсатилди. Уларнинг зарур ҳужжатлари расмийлаштирилиб, Ўзбекистонга қайтиши учун авиачипталар тақдим этилди.








