Бойсун дўпписи ҳуқуқий ҳимояга олинди: унга географик кўрсаткич мақоми берилди
Бу унинг номи, анъанавий ишлаб чиқариш усуллари ва ҳудуд билан боғлиқ ўзига хос хусусиятларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш имконини беради.

“Бойсун дўпписи” Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳудудида қадимдан тикиб келинадиган миллий бош кийим сифатида географик кўрсаткич мақомида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Бойсун дўпписи” думалоқ шаклда бўлиб, пилтадўзи услубида кашта билан безатилади. Унинг ўзига хослиги анъанавий тикиш усули, геометрик нақшлари ва ёрқин ранглар уйғунлигида намоён бўлади.
Дўппиларни безашда чилхол, чаёнгул, қўчқоршохи, арча ва кўзача каби анъанавий нақшлардан фойдаланилади.
“Бойсун дўпписи”нинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши маҳсулотнинг Бойсун ҳудуди билан боғлиқ ўзига хос хусусиятларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш имконини беради.
Шунингдек, бу мақом дўппи номининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, унинг анъанавий хусусиятлари ва ишлаб чиқариш усулларини асраш ҳамда Бойсун ҳунармандчилиги маҳсулотларини ички ва халқаро бозорларда тарғиб қилиш учун ҳуқуқий асос яратади.
Маълумот учун, географик кўрсаткич — маҳсулотнинг сифати, обрўси ёки бошқа хусусиятлари муайян географик ҳудуд билан боғлиқ эканини кўрсатувчи интеллектуал мулк объектидир.








